Байрам муносабати билан спорт мусобақалари ўтказилди

8 март Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи оммавий спорт тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Нукус шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлими ташаббуси билан жорий йилнинг 5-6 март кунлари Нукус шаҳридаги 17-, 32-сонли умумий ўрта таълим мактаблари спорт базасида спортнинг волейбол тури бўйича спорт мусобақалари ташкил этилди.

Ушбу мусобақада шаҳар бўлинмаси таркибидаги таълим муассасаларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар ўзаро куч синашди.

Қизғин баҳс ва ўзаро муросасиз курашлар остида ўтган беллашувлар ходимларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириб, уларнинг ғалабага бўлган иштиёқи ва жамоавий руҳини мустаҳкамлади. Барча иштирокчилар ўзининг ғалабаси учун масъулият билан, аҳил ва уюшқоқликда ҳаракат қилдилар.

Мусобақа якунида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ва жамоалар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тайёрланган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ушбу тадбир нафақат байрам совғаси, балки ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.