Тил – қалбимиз, ғуруримиз, келажагимиз: Давлат тили байрами кенг нишонланди

Нукус шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари ва умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотларида 21 октябрь – «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун» муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Ушбу маънавий-маърифий тадбирлар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Нукус шаҳар бўлинмаси ва таълим муассасалари раҳбарлари ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди. Таълим муассасаларида «Тил – қалбимиз, ғуруримиз, келажагимиз,» «Она тилим – фахрим» мавзуларидаги кечаларда миллий қадриятларимиз ва она тилимизнинг бебаҳо бойлиги тараннум этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлод қалбида она тилимизга, миллий ўзлигимиз ва маданий меросимизга чексиз муҳаббат ва ҳурмат туйғуларини камол топтиришдан иборат бўлди. Жойларда ўтказилган тадбирларда сўзга чиққанлар ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг, хусусан, ёш тарбияланувчиларнинг эзгу бурчи эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида таълим муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқувчилар томонидан она тилимизни тараннум этувчи жозибали шеърлар ёддан ўқилди, буюк алломаларнинг асарларидан парчалар намойиш этилди. Ўқувчилар ижросидаги рақслар йиғилганларга чексиз завқ бағишлаб, муассасаларда ҳақиқий байрам кайфиятини шакллантирди.

Тадбир якунида педагог ходимлар ва ўқувчиларнинг фаол иштироки, юксак истеъдоди ва она тилимизга бўлган самимий садоқати барча иштирокчиларда ғурур-ифтихор туйғусини уйғотди.

Ёш авлод тарбияси йўлида жонбозлик кўрсатиб келаётган фидойи устоз ва тарбиячиларга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси номидан миннатдорчилик билдирилиб, уларнинг келгуси машаққатли ва шарафли ишларида муваффақиятлар тилади.