Болаларнинг қишқи таътили мазмунли ташкил этилди

Мўйноқ туманида жойлашган “Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 107 нафар болажонларнинг қишқи дам олиш кунлари мазмунли, мароқли ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. Болаларнинг дам олиши байрамона кайфиятда ўтди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар йилги анъанага мувофиқ, ушбу қишки дам олиш мавсуми Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукумати қўллаб-қувватлови ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши билан ҳамкорлигида ташкил этилди.

Янги йил байрами шукуҳи оромгоҳда ҳанузгача сақланиб, болажонлар учун турли қизиқарли ва ранг-баранг маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, қўғирчоқ театр жамоасининг томошалари, “Қишки заковат” интеллектуал ўйинлари, болалар ўртасида турли танловлар, ижодий чиқишлар ҳамда спорт ва кўнгилочар машғулотлар болажонларга унутилмас таассуротлар улашди.

Қишқи таътилнинг ўзига хос гашти, кичик бўлсаям қорли манзаралар, болаларнинг қувончи ва кўтаринки кайфияти оромгоҳда алоҳида байрам муҳитини яратди. Кор бобо ва Кор қизлар билан ҳар куни бўлиб ўтган учрашувлари эса болаларга бир олам табассум ва қувонч бағишлади.

“Оқ кема” оромгоҳи жамоаси, ички ишлар, миллий гвардия, шифокорлар томонидан ҳар бир боланинг хавфсизлиги, соғлиги ва мазмунли дам олиши доимий назоратга олинган бўлиб, қишки таътил болажонлар хотирасида илиқ ва унутилмас онлар сифатида муҳрланди.