ТИЛ – МИЛЛАТНИНГ ФАХРИ, ҒУРУРИ

Тил — миллатни миллат сифатида сақлаб қолувчи энг асосий омиллардан бири саналади. Тил орқали халқ ўз руҳиятини, тафаккурини, тарихи ва маданиятини ифода этади. Шу боис, ҳар бир инсон ўз она тилини яхши билиши, унга ҳурмат билан қараши, уни ардоқлаши зарур.

Юртимизда тил масаласига, айниқса, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеига катта эътибор қаратилмоқда. Буюк мутафаккир Алихонтўра Соғуний ўз асарларида таъкидлаганидек: “Одам ўзлигини унутмаслиги учун уч нарсани қўлдан бой бермаслиги керак: Ватанини, динини ва тилини”.  Бу фикр бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Ушбу сана нафақат юртимиз тарихида, балки ҳар бир фуқаро ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Айни шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашида “Тил – миллатнинг фахри,ғурури ” мавзусида маърифат соати ташкил этилди. Тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази Нукус шаҳар бўлими ходими Гулбаҳор Содиқова, Қорақалпоғистон халқ шоири Абилқасим Ўтепбергенов ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар тилнинг инсон қалбида, миллий ўзликни шакллантиришдаги роли ҳақида фикр юритдилар. Тил нафақат алоқа воситаси, балки халқнинг тарихи, бугуни ва келажаги, маданияти ва маънавиятини ўз ичига олган бой маънавий мерос экани таъкидланди.

—Маълумотларга кўра, дунёда 7000 га яқин тил мавжуд бўлса-да, фақат 200 та атрофидаги тилларгина давлат тили мақомига эга. Улар қаторида ўзбек тилининг ҳам мавжудлиги — унинг буюклигини, сўзга бойлигини ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга эканлигини кўрсатади,-дейди Гулбахор Садикова Республика Маънавият ва маърифат маркази Нукус шаҳар болими ходими.

Шунингдек, Қорақалпоғистон халқ шоири Абилқасим Ўтепбергенов ҳаётий воқеаларни гапириб ўтиш баробарида, қардош тиллардаги шеърлари билан тадбирни янада бойитди.

Маърифат соати қизғин мулоқот тарзида ўтди. Иштирокчилар томонидан давлат тилининг бугунги аҳволи, уни ривожлантириш, тил маданиятини ошириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.