Ҳар бир фуқаронинг муносиб ва барча хавфлардан ҳоли бўлган шароитларда меҳнат қилиши, ўз касбий фаолиятини хотиржамлик ҳамда юқори унумдорлик билан амалга ошириши нафақат унинг шахсий ва оилавий фаровонлиги, балки бутун мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ҳамда ижтимоий тараққиётининг асосий гаровидир. Шу сабабли ҳам турли соҳаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнидаги турли бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш энг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Дунё миқёсида ҳар йили 28-апрель санасининг «Бутунжаҳон меҳнат муҳофазаси куни» сифатида нишонланиши ҳам бежиз эмас, албатта. Бу кун дунё бўйлаб йирик корпорациялардан тортиб кичик корхоналаргача бўлган барча тузилмаларнинг эътиборини иш жойларида соғлом ва хавфсиз муҳитни яратишга, меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишга қаратиш учун берилган муҳим имкониятдир.
Тахиатош туманида ҳам ушбу муҳим санага бағишланган тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Р.Абдурахманов иштирок этди. Туманда «Хавфсиз меҳнат асослари» мавзусида ташкил этилган ўқув семинарининг кириш қисмида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тахиатош туман кенгаши раиси С.Бекимбетова сўзга чиқиб, бугунги кунда меҳнат қонунчилиги ва хавфсизлиги борасида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг роли ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши Меҳнат техник инспектори Б.Утепбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси инспектори М.Сейдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Б.Аскаров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг юристи, бош мутахассис О.Уразбаевлар сўзга чиқиб ҳар бир корхона ва ташкилотда хавфсизлик тизимини қандай қилиб ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тўғри, энг асосийси, самарали йўлга қўйиш, иш жойларидаги эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш ва уларни зудлик билан бартараф этишнинг замонавий усуллари ҳақида йиғилганларга зарур маълумотларни тақдим этди.
Семинарнинг якуний қисми ўзаро эркин мулоқот, қизғин фикр алмашинув ва очиқ савол-жавоблар руҳида ўтди. Йиғилиш иштирокчилари, жумладан, ташкилот раҳбарлари ва меҳнат муҳофазаси вакиллари ўзларининг кундалик иш фаолиятида, ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита дуч келаётган турли муаммоли вазиятлар, ечимини кутаётган мураккаб масалалар ҳамда ўзларини қизиқтирган барча ҳуқуқий ва техник саволлар билан соҳа мутахассисларига мурожаат қилдилар. Соҳанинг ҳақиқий билимдонлари бўлган инспектор ва раҳбарлар эса ҳар бир берилган мурожаатга аниқ ва асосли жавоблар қайтардилар.
Бу каби маърифий тадбирлар меҳнат муҳофазаси йўналишидаги билим ва кўникмаларни янада мустаҳкамлашга, жамиятда меҳнат маданиятини юксалтиришга ва энг асосийси, ҳар бир иш жойида инсон ҳаёти ҳамда соғлиғини ишончли асрашдек эзгу ва улуғвор мақсадга хизмат қилиши шубҳасиздир.






Spelling error report
The following text will be sent to our editors: