Қорақалпоғистонда «Аёллар дафтари»нинг 7-босқичи: Инсон қадрини улуғлаш йўлидаги изчил ислоҳотлар

Давлат раҳбарининг ташаббусларига мувофиқ, мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бандлигини таъминлаш борасидаги тизимли ишлар янги паллада кенг қулоч ёймоқда. Хусусан, Оролбўйи ҳудудида ҳам “Аёллар дафтари” тизимининг 7-босқичи доирасидаги амалий тадбирлар “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя асосида сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилмоқда.

Мазкур тизим доирасида уй-жой ва яшаш шароитини яхшилашга муҳтож, тиббий ва психологик ёрдамга эҳтиёжи бор, тазйиқ ва зўравонликка учраган, шунингдек, ҳуқуқий ҳимоя зарур бўлган хотин-қизлар тўлиқ қамраб олинмоқда. Шу билан бирга, айниқса қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган махсус дастурлар кўлами янада кенгайтирилмоқда.

Ушбу муҳим жараёнларни тизимли, шаффоф ва самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгашида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан масъул сифатида бириктирилган раҳбар, жумладан, Федерациянинг Қорақалпоғистон кенгаши раиси Улуғбек Жалменов, Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Саидмурод Тўхтаевлар сўзга чиқиб, мазкур жараёнда бирорта ҳам хотин-қиз давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолиб кетмаслиги лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Йиғилиш якунида маҳаллабай ишлаш тизими асосида аёлларнинг реал муаммоларини аниқлаш, уларни манзилли ҳал этиш ҳамда ҳар бир аёл билан индивидуал шуғулланиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.