“Аёллар дафтари”нинг 5-босқичида амалга оширилаётган ишлар бўйича навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди

13 сентябр куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашида “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоконференция йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур видеоконференцияда барча туман ва шаҳар “Аёллар дафтари” бўйича масъуллар, жумладан, прокуратура, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, ҳокимлик, ички ишлар бўлими, солиқ инспекцияси вакиллари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этди.

Йиғилишда штаб раҳбарларидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши раиси Улуғбек Жалменов, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедиловлар сўзга чиқиб, жойларда ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар ва йўл қўйилган хатоларга батафсил тўхталди. Жумладан Нукус туманида мазкур дафтар юзасидан амалга оширилган ишларнинг қониқарсиз эканлиги, шунингдек, Нукус шаҳрида уй-жой таъмири юзасидан ишлар ортга сурилаётгани, Амударё, Тахиатош, Қонликўл, Тўрткўл, Элликқалъа, Шўманой туманларида уй-жой билан таъминлаш ва таъмирлаш, тадбиркорлик бўйича кредит масалалари, бир марталик моддий ёрдам масалаларининг оқсаётгани танқид остига олинди. Кегейли, Хўжайли, Мўйноқ, Тахтакўпир сингари кўпгина туманлар “Аёллар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинганида ушбу туманлардаги ишлар бошқаларига қараганда бир мунча яхши эканлиги таъкидланди. Шундан сўнг камчиликларга йўл қўяётган масъулларга амалга оширилиши кечиктириб бўлмайдиган аниқ ва қатъий вазифалар белгилаб берилди.