Битирувчилар учун янги имкониятлар: таълим ва бизнес сари қадам

2026 йил 11 июнь куни Нукус шаҳридаги 1-сонли умумтаълим мактабида мактаб битирувчилари учун Марказий Осиёда ягона таълим муассаси хисобланган, Ўзбекистон касаба уюшмалари Фелерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси фаолиятининг тарғибот тадбири, шунингдек «Ёшлар куни» доирасида ёшларга бизнес режаларни тузиш, грант ва инвестицияларни қандай жалб қилиш мумкунлиги бўйича амалий семинар ташкил этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Мактаб битирувчиларини келгуси таълим йўналишларини танлашда қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда тадбиркорликка қизиқишини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.

Унда Академиянинг ходимлар бўлими бошлиғи Х.Бозорбоев, Федерациянинг Қорақалпоғистон кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслахатчиси Н.Алиев ва Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош мутахассиси С.Ержановалар иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида яратилган таълим имкониятлари, қабул жараёнлари, мутахассислик йўналишлари ҳамда битирувчилар учун мавжуд истиқболлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида бизнес режаларни тузиш бўйича амалий тушунтиришлар олиб борилди. Учрашув иштирокчиларига бизнес ғояни шакллантириш, уни режалаштириш, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ўз фаолиятини йўлга қўйишнинг дастлабки босқичлари ҳақида тавсиялар берилди.

Тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, битирувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Мазкур учрашув ёшларнинг онгли касб танлаши, муносиб меҳнатга тайёргарлиги ҳамда келажакдаги шахсий ва касбий ривожланишига хизмат қилади.