«Таълим соҳасида меҳнатни муҳофаза қилишга оид муаммолар» мавзусидаги ўқув-семинари бўлиб ўтди

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2016 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-410-сонли Қонуни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрда «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 819-сонли қарори қабул қилинган эди.

Бугунги кунда ушбу Қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, таълим муассасаларида меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан жорий йилнинг 10 апрель куни «Таълим соҳасида меҳнат муҳофазасига оид муаммолар» мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Ушбу ўқув-семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси У.Жалменов, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси бўйича бош мутахассиси Д.Самарбеков, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси инспектори М.Сейдуллаев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши Меҳнат техник инспектори Б.Утепбергеновлар сўзга чиқди.

Ушбу ўқув-семинарда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман (шаҳар) бўлинма кенгаши раислари, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълим бўлимларида меҳнат муҳофазаси бўйича бириктирилган мутахассис, шунингдек, олий ўқув юртларидаги меҳнат муҳофазаси хизмати бўлими масъул ходимлари, Нукус шаҳридаги таълим муассасаларидаги бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллари иштирок этди.

Семинарни ўтказишдан мақсад таълим муассасаларида, Иш берувчилар ва ходимлар ўртасида меҳнат муҳофазасига оид муаммолар, уларнинг ечимлари, олдинда турган вазифалар бўйича кенг тушунчалар берилди. Шунингдек, меҳнат жамоаларида меҳнат муҳофазаси масаласида Иш берувчининг мажбуриятлари, меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассис ва вакилларнинг вазифалари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Ўқув-семинар якунида иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.