Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши мажлислар залида 18-ноябр– Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан “Байроғим — менинг фахрим, ғурурим” мавзусида Маърифат соати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистн касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси ўринбосари М.Данияров сўзга чиқиб давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозимлиги тўғрисида сўз юритди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Жамалов Нурилла ва бошқалар сўзга чиқиб байроқ спорт мусобақалари ва бошқа юқори даражадаги учрашувларда Ўзбекистон байроғининг хилпираши тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидлаш лозим, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқда мустақиллик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Хусусан, аждодларимиз юрт байроғини муқаддас билиб уни ардоқлаганлар, кўз қорачиғидек сақлаганлар.
БМТ биносида унга аъзо бўлган мустақил давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам байроғи ҳилпираб турибди. Аслида ҳар бир байроқнинг ўз тарихи, у мансуб бўлган юрт сувратию сийратига монанд қиёфаси бор.
Байроқ атамаси эски туркий атама бўлиб, у бундан минг йиллар аввал ҳам айнан шу маънода қўлланган. Тилшуносларнинг айтишича, бу ном қадимги туркчада базирақ, бадироқ, батироқ тарзида ҳам қўлланган. Яъни, байроқ бирор эл-улус, қавмнинг эркинлик белгиси бўлиб, у баланд жойларга, ҳукмдорлар чодирига ўрнатиб, санчиб (ботириб) қўйилган. Уни туғ, ялов, санчоқ (санжоқ) номлари билан ҳам атаганлар.
Тарихимизда ҳукм сурган турли сулолалар, давлатлар ҳам ўз байроқларига эга бўлган. Масалан, қадимги Кўктурк ҳоқонлиги, Амир Темур давлати байроғи мовий, қадимги аждодларимиз бўлган хунларнинг байроғи оқ, Ғазнавийлар давлати, Қўқон хонлиги байроқлари яшил, Туркистон мухторияти байроғи кўк ва қизил рангларда эди. Бинобарин, байроғимизни қабул қилишда, унда муайян рангларни белгилашда тарихий анъаналаримизга алоҳида урғу берилган.
Яқин тарихимизга назар соладиган бўлсак, ҳали собиқ тузум пайтидаёқ, 1990 йилнинг март ойида ўтган парламент сессиясида юртимизнинг давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилинган эди. Ўша йилнинг 20 июнь куни қабул қилинган Мустақиллик декларациясида ҳам Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини ўзи белгилаши, байроқ, герб, мадҳия сингари рамзларни ўзи таъсис этажаги қайд этилди.
Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки паллада – 1991 йилнинг 18 ноябрида Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, байроғимиз давлат суверенитетининг рамзи бўлиб қолди.
Бугун халқимизнинг, ёшларимизнинг байроққа, миллий рамзларга бўлган меҳри, садоқати ошиб бораётганини кўриб, хурсанд бўлади одам.
Ўзбекистон Республикаси байроғи қабул қилинган кун барчангизга муборак бўлсин!
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: