2025 йил 10 февраль куни Қўнғирот туманидаги Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси ҳамда жамоа шартномаси муҳокамаси ўтказилди. Мазкур конференцияда Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг бўлим бошлиғи Ф.Махмудов, Федерациянинг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси ўринбосари М.Данияров, “Ўзбекнефтгаз” АЖ HR-департаменти эксперти А.Артыкниязов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бирлашган касаба уюшмаси кўмитаси бош мутаҳассиси А.Хамроев ҳамда бошқарма директори ўринбосари М.Сейтназаровлар қатнашди.
Жамоада 754 нафар касаба уюшма аъзолари мавжуд бўлиб, ҳисобот-сайловларнинг дастлабки йиғилишлари корхона цех жамоаларида ўтказилиб, бошланғич ташкилот конференциясига делегатлар сайланди. Корхона жамоаси номидан сайланган 44 нафар делегат иштирокида ўтказилган ҳисобот-сайлов конференцияси жуда қизғин ва музокараларга бой бўлди.
Конференцияда дастлаб жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси бўйича корхона директори ўринбосари М.Сейтназаровнинг ҳисоботи тингланди. Иш берувчи йил давомида ходимларга меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилганлиги, барча ходимлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, ходимларни иш стажига қараб рағбатлантириш, босқичма-босқич ўқитиш, корхонада бепул овқатланиш ташкил этилганлиги ва махсус кийим-бошлар билан таъминланганлигини рақамларда айтиб ўтди.
Ўз навбатида, касаба уюшмасининг жамоа шартномаси бандларининг бажарилишида олиб борган ишлари, экспертиза комиссиясининг жамоа шартномаси ижроси бўйича ҳисоботлари тингланди. Конференция делегатлари томонидан жамоа шартномасига киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан таклифлар билдирилди. Жумладан, касаба уюшма қўмитасига ходимлар ўртасида спортнинг оммавий турлари бўйича мусобақаларни мунтазам ўтказиш таклифлари билдирилди.
Конференцияда касаба уюшма қўмитаси раислигига номзодлар муқобиллик асосида кўрсатилиб, Жумабаев Бахтияр касаба уюшма қўмитаси раислигига, бошқарма катта ҳисобчиси А.Абдижамилов касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссияси раислигига сайланди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: