«Бўзатов» санаторияси фойдаланишга топширилди

2025 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида давлат раҳбари соҳа вакиллари билан самимий мулоқот қилди, уларнинг таклиф ва ташаббусларини  тинглади.

Ушбу мулоқот Қорақалпоғистонликлар учун ҳақиқий шодиёнага айланди, чунки Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка овулида «Бўзатов» санаторияси фойдаланишга топширилди.

Унинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбоев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси У.Жалменов, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этдилар.

– Президентимизнинг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори туфайли бир пайтлар эътибордан четда қолган Бўзатов тумани қисқа фурсатда қайтадан чирой очди. Шу асно унда санаторий қурилиб,фойдаланишга топширилди,– дейди Бўзатов туманининг “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғинида  истиқомат қилувчи  Худайберген Тилеулиев.

Нуроний отахоннинг сўзларида ҳақиқат мужассам. Бугунги кунда Бўзатов аҳолисининг қувончида чек йўқ. Янги санаторий нафақат дам олиш, балки соғломлаштириш, маънавий хузур бағишлаш маскани сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳага кўра, санаторий 200 нафар дам олувчига бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсата олади. Йилига 6000 нафар фуқаро сув муолажалари, физиотерапия ва бошқа замонавий тиббий хизматлар орқали соғлигини тиклаш имконига эга бўлади.

Бу ерда 6 қаватли шинам ётоқхона, 2 қаватли даволаш маркази, замонавий ошхона ва маданий клуб, фин ва турк ҳаммоми, ёпиқ бассейн, шунингдек, оилавий коттежлар ва бошқа инфратузилмалар мавжуд.

12,5 гектар майдонни эгаллаб турган санаторийнинг 6,3 гектари мевали боғлар, 4 гектари манзарали  дарахтлар билан янада файзли. Олисдан кўзга ташланиб турувчи гўзал  манзара нафақат гўзаллик, балки экологик мувозанат, соғлом муҳит демакдир. Қолаверса, қуёш панеллари орқали қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам йўлга қўйилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 123 миллиард сўмга молиялаштирилган  ушбу   лойиҳа нафақат соғломлаштириш соҳасини ривожлантиради, балки 120 нафар мутахассис учун доимий иш ўринларини яратади. Бу эса, ўз навбатида, туман аҳолисининг турмуш сифатини оширишга хизмат қилади.

Қорақалпоғистонда мана шундай маҳобатли санаторий қурилиши – бу янги ҳаёт, янги нафас, янги имкониятлар демакдир.