Байрам тадбири ўтказилди

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси томонидан пойтахтимиздаги файизли ўринларнинг  бирида 11 ноябрь – «Ўзбекистон касаба уюшмалари куни,» шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан тантанали байрам кечаси ташкил этилди.

Байрам кечасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Улуғбек Абиллаевич Жалменов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Айбек Умирбекович Даулетбаев, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Рустам Абдурахимович Абдурахманов ва тармоқ касаба уюшмаси фаоллари иштирок этди.

Дастлаб, тадбирни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси У.Жалменов очиб берди.

У ўз нутқида касаба уюшмаларининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдаги масъулияти ва инсон қадри устувор бўлган Янги Ўзбекистоннинг ривожланишида бу тизимнинг тутган ўрни ҳақида сўз юритди. Шунингдек, барча касаба уюшмаси аъзоларини, меҳнат жамоаларини 11 ноябрь – «Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» байрами билан самимий табриклади.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари А.Давлетбаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда касаба уюшмаларининг 120 йиллик тарихида эришилган ютуқлар, ходимларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги ишларга атрофлича тўхталиб ўтди. У тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклаб, уларнинг фидокорона меҳнатига юқори баҳо берди. Шунингдек, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Р.Абдураҳмонов сўзга чиқиб, соҳа ходимларини байрам билан самимий табриклаб, келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.

Байрам кечаси давомида бир қатор соҳа фидойилари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги «Фахрий ёрлиғи,» Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг «Фахрий ёрлиғи,» Нукус шаҳри ҳокими «Фахрий ёрлиғи,» Нукус шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланди. Шунингдек, байрамга бағишлаб тармоқ бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раислари ўртасида ўтказилган «Энг фаол бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси» кўрик-танлови ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам кечасида иштирокчиларга санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилиб, байрамга кўрк бағишлади.

Тадбир якунида иштирокчилар мамлакатимизда меҳнаткаш инсонларга бўлган ҳурмат, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тизими тобора такомиллашиб бораётганини таъкидлаб, касаба уюшмалари ҳаракати келгусида ҳам жамият ҳаётида муҳим ўрин тутишини қайд этди.