Судларга мурожаат қилишда очиқлик ва шаффофлик

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз бўлиб, ҳеч ким улардан судсиз маҳрум этишга ёки уларни чеклашга ҳақли эмас. Жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш муҳим давлат ҳимояси институти бўлиб, у мустақил суд ҳокимияти томонидан одил судловни амалга ошириш орқали таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4-моддасига мувофиқ, манфаатдор шахс, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, прокурор, шунингдек, бошқа шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ваколатли айрим фуқаролар ва давлат органлари маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас ва унинг мансабдор шахси ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан, башарти бу қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда тўсқинлик яратилган, зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклатилган ҳамда у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсқинлик яратилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини биринчи инстанция судида иш қўзғатиш учун қонунда назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда амалга ошириш мумкин. Ушбу шартларга риоя этмаслик суд томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва кўришни рад этиш учун асос бўлади.

Судга мурожаатлар шакл ва мазмун жиҳатдан процессуал қонунлар билан уларга қўйилган талаблар (жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг номи ва жойлашган жойи ҳақидаги маълумотлар, берилган мурожаат бўйича ҳуқуқий муносабатнинг моҳияти, мурожаат ва қўйилаётган талаб ёки илтимосноманинг моҳияти, мурожаат санаси, мурожаат этувчининг имзоси) га мос бўлиши керак. Мурожаатлар судга электрон ҳужжат шаклида ҳам юборилиши мумкин.

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

«Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 140-сонли Президент фармони судлар фаолиятини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш, электрон одил судловни ривожлантириш, одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инсон омилини чеклаш орқали турли иллатларнинг олдини олиш, энг муҳими, аҳолининг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, судлар, адвокатлар ва тарафлар ўртасидаги мулоқотнинг ягона рақамли платформасини яратиш, миллий тизимларни халқаро стандартлар билан интеграция қилиш каби стратегик йўналишни белгилаб берди.

Бундан ташқари, «Рақамли суд» концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилгани алоҳида эътиборга молик. Бунда судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва сарфланадиган харажатларни шакллантириш, мурожаатларни электрон шаклда юбориш, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига бормаган ҳолда жараёнда масофадан иштирок этиши, тарафларга ишга оид барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имкониятини яратиш, шунингдек, ижро хатларини автоматик тарзда ижрога юбориш, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлислари баённомаларини реал вақт режимида матн шаклида тайёрлаш ва суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тарзда шакллантириш вазифалари белгиланди. шунингдек, ижро хатларини автоматик тарзда ижрога юбориш, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлислари баённомаларини реал вақт режимида матн шаклида тайёрлаш ва суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тарзда шакллантириш вазифалари белгиланди. шунингдек, суд ишларига оид кўплаб ҳужжатларни қисқа вақтда ўрганиш, муҳим маълумотларни саралаб олиш орқали судьяларнинг иш юкламасини енгиллаштиришда, қонун нормалари ва суд амалиётини ўрганиш, кўриб чиқилаётган ишларни илгари кўрилган ишлар билан умумий ёки ўхшашлигини аниқлаш, уларни таққослашда сунъий интеллект чексиз имкониятлар бермоқда.

Суд тизимида жорий этилган интерактив электрон хизматлар инсон ресурсини кескин камайтириб, аризаларни онлайн топшириш, иш юритишни масофадан кузатиш ва электрон қарорлар коррупция хавфини камайтиришнинг энг самарали усулларига айланди. Инсон омили камайса, коррупция ҳам камаяди, бу дегани энди судга мурожаат қилиш учун ортиқча оворагарчилик, воситачилар ёки норасмий муносабатлар талаб этилмайди. Интерактив хизматлар орқали ариза онлайн топширилади, ишнинг ҳаракати реал вақтда кузатилади, қарорлар электрон шаклда олинади. Бу эса шаффофликни оширади ва коррупция учун шароитни йўқ қилади.

Ушбу ислоҳотлар натижасида амалга оширилаётган ишлар  суд тизимидаги муаммо ва камчиликларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, томонларга судда тенг имкониятлар даражасида иштирок этиш ваколатини таъминлашга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишига эришишга, шунингдек, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, очиқлик ва шаффофликка хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судья катта ёрдамчиси:

С.Абдикаримова