Ёшлар билан самимий мулоқот ва муаммолар ечими

2024 йил 1 ноябрь куни Нукус давлат педагогика институти мажлислар залида Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси, Сенатор Жалменов Улыкбек Абилаевичнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар, талабалар ва касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

11 ноябрь —  Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами арафасида ташкил этилган мазкур тадбирда ёшларга мамлакатимизда демократик тамойиллар, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, шунингдек фуқаролар, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил таҳлилий маълумотлар берилди.

Тадбирда мазкур йўналишлардаги ишлар билан бирга бугунги кунда касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, бу орқали меҳнат кодекси, жамоа келишувлари ва шартномаларига киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар хусусида ҳам сўз борди.

Унда таъкидланганидек, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари кенгаши 318 218 нафар касаба уюшмаси аъзосини бирлаштирган бўлиб, шундан 30 ёшдан ошмаган ёшлар 107 530 нафарни ташкил этмоқда. (33,7%) Шундан 39 069 нафари ёш меҳнаткашлар ва 68 461 нафари талаба ёшлардан иборат.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали шу йилнинг ўзида ташкилотлардаги касаба уюшмалари ва иш берувчилари маблағлари хисобидан:

2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 360 ёш оналарга 145,2 млн. сўм моддий ёрдам;

тармоқ корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 2614 нафар оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 299,5 млн. сўм;

3340 кам тǝминланган ёш оилалар вакилларига 1 млрд 559 млн.сўм моддий ёрдам;

79 нафар олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга 327,5 млн.сўм  ўқув шартнома пуллари қисман тўловини амалга оширилди;

38 ёш оилаларга уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 203,7 млн.сўм фоизсиз ссуда ажратилди;

37 нафар ёш ходимларга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 158,8 млн.сўм фоизсиз ссудалар берилишига эришилди.

Тадбир доирасида таълим олиш билан бирга, жамоатчилик ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар томонлама намунали ва иқтидорли, шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган ва жисмоний имконияти чекланган талабалар касаба уюшмалари томонидан таъсис этилган стипендияси ва ресрубликамизнинг энг яхши санаторийларига бепул йўлланмалар билан рағбатлантирилди.

Ва шулар қаторида бир қатор ёш меҳнаткашларга кенгашнинг “Фахрий ёрлиқлар”и топширилди.