“Ўзбекистон касаба уюшмалари — 120 йил халқ билан”

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши томонидан мамлакатда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда
“11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан қатор учрашув ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон  кенгаш раиси У.Жалменов “Қўнғирот сода заводи” ва “Nukus SSP Texnopark” МЧЖда бўлиб, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди ва уларнинг меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди.

Учрашувларда корхоналар фаолияти таҳлил қилинди, шунингдек, иш берувчи ва касаба уюшмалари ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳитини яхшилаш ва фаол ходимларни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда касаба уюшмалари муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди.

“Nukus SSP Texnopark” МЧЖда ишчилар учун яратилган шароитлар ва амалга оширилаётган ижтимоий ташаббуслар бошқаларга намуна сифатида қайд этилди. Корхонада 150 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг даромадини ошириш, қўшимча меҳнат таътиллари бериш, соғломлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда фаол ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган.

Шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш доирасида 36 миллион еврога тенг аралаш толадан ип йигириш линияси фаолият юритмоқда. Германиянинг “Truetzschler GmbH & Co.KG” ва Япониянинг “Murata Machinery LTD” компанияларидан келтирилган замонавий ускуналар ишга туширилган. Янги тўқув цехи қурилиши ҳам давом этмоқда, унинг қиймати 18 миллион евро ва барпо этилаётган 11,5 минг квадрат метр майдоннинг 50 фоизи якунланган. Цех ишга туширилса, яна 400 нафар аҳоли иш билан таъминланади.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, корхона йиллик 50 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради, шундан 15 миллион доллари экспортга йўналтирилади, ва 1200 янги иш ўрни яратилади. Бу Қорақалпоғистон саноати ривожига ва аҳоли турмуш даражасини оширишга катта ҳисса қўшади.

Учрашув якунида меҳнатда фаол ва ташаббускор ишчи-ходимларга касаба уюшмаларининг “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари топширилди. Бундай тадбирлар меҳнат жамоаларида ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, ходимлар меҳнатига эътибор ва ҳурматни оширишга хизмат қилмоқда.