Қорақалпоғистон Республикасида ёзги мавсумга қизғин тайёргарлик бошланди

Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида жойлашган “Орол болалари” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “2025 йил ёз мавсумида болаларнинг дам олишини юқори савияда ташкил этиш” мавзусида ҳудудий ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарнинг асосий мақсади – болаларнинг хавфсиз, мазмунли ва тарбиявий дам олиши учун оромгоҳлардаги мавсумга тайёргарлик ишларини тизимли ташкил этиш, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Болаларнинг дам олишини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича Республика комиссияси раиси ўринбосари У.Жалменов, департамент бошқармаси бошлиғи Р.Мадреимов, ИИВ жамоат хавфсизлиги бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими, Маданият, Соғлиқни сақлаш, Спорт вазирликлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, баркамол авлод марказлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, оромгоҳ директорлари ва тарбиячилар иштирок этдилар.

Семинар давомида оромгоҳларда болаларнинг ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, 12 кунлик намунавий дастурни амалиётга татбиқ этиш, таълим ва тарбия жараёнларини бойитиш масалалари муҳокама қилинди.

2025 йил ёз мавсумида Қорақалпоғистон Республикасида жами 11 та стационар болалар оромгоҳи фаолият юритиши белгиланган бўлиб, уларда 7140 нафар болаларнинг дам олиши режалаштирилган. Шу билан бирга, шаҳар ва туманлардаги таълим муассасалари, спорт мактаблари, маданият марказлари ҳузурида ташкил этиладиган 69 та болалар соғломлаштириш майдончалари орқали яна 16750 нафар бола қамраб олинади.

Жами ҳисобда, ёзги мавсум давомида 23890 нафар болаларнинг соғлом ва мазмунли дам олиши таъминланади.

Департамент тасарруфидаги Мўйноқ туманидаги “Оқ кема”, Тўрткўлдаги “Оқ кабутар”, Элликқалъадаги “Орол болалари”, Тахиатошдаги “Ойдин жол”, Нукус шаҳридаги “Турон” оромгоҳларида жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, мавсумга тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилди ҳамда ҳудудий комиссиялар томонидан қабул далолатномалари расмийлаштирилди. Шунингдек, хусусий “Арал” оромгоҳи ҳам мавсумга шай этилиб, ҳудудий комиссиялар томонидан қабул далолатномалари расмийлаштирилиши амалга оширилмоқда.

Ҳокимликлар тасарруфидаги ижтимоий объектлар (мактаблар) базасида ташкил этиладиган оромгоҳларда таълим жараёни якунланиши билан жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Туман ободонлаштириш бўлимлари билан ҳамкорликда ҳудудларда тозалаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Семинарда таълим соҳасида фаолият юритаётган тажрибали педагоглар ва зирак талабалардан саралаб олинган кадрлар асосида оромгоҳларда фаолият юритадиган тарбиячи ва етакчиларнинг тайёргарлиги ҳам муҳокама қилинди.

Болаларнинг 2025 йилги ёзги таътил даврини мазмунли, хавфсиз ва ёрқин ўтказиш учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар доирасида, Республика комиссияси мажлисининг 2025 йил 9 апрелдаги 29-сонли баёнига мувофиқ, халқаро ва миллий тажриба асосида тайёрланган “Янги Ўзбекистон оромгоҳларида болаларнинг дам олишини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича 12 кунлик намунавий дастур” тасдиқланган.

Ушбу дастур асосида ҳар бир кунга алоҳида мавзулар – “Болалар фестивали”, “Миллий қадриятлар”, “Ижод ва истеъдод”, “Ҳарбий-ватанпарварлик”, “Спорт ва саломатлик”, “Туризм ва юртимиз тарихи”, “Миллатлар дўстлиги” каби номлар берилган ва улар асосида тадбирлар ташкил этилади.

Семинар сўнгида савол-жавоблар, амалий таклифлар, ўзаро фикр ва тажриба алмашувлар асосида аниқ вазифалар белгиланди. Ушбу вазифалар орқали мавсумни юқори савияда ўтказишга мустаҳкам асос яратилди.