Ёшлар билан очиқ мулоқот: Касаба уюшмалари фаолияти ва ижтимоий ривожланиш

Сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ёшлар билан очиқ учрашувлар ва мулоқотлар алоҳида аҳамият касб этади.

2025 йил 29 октябрь куни Нукус шаҳрида Самарқанд давлат ветеринария, тиббиёт, фармацевтика ва биотехнологиялар университети Нукус филиали мажлислар залда Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Улуғбек Жалменов ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев  иштирок этиб, юртимизда ёшларга яратиб ерилаётган имкониятлар ҳақида батафсил сўз юритди.

Учрашувда ёшларга касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш, мамлакатда демократик тамойилларни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ижтимоий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу, ўз навбатида, ёшларнинг жамоатчилик ва меҳнат фаоллигига бўлган қизиқишини янада кучайтирди.

Шунингдек, таълим олиш билан бирга жамоатчилик ишларига ҳисса қўшиб келаётган, иқтидорли ва кам таъминланган, шунингдек жисмоний имконияти чекланган талабалар касаба уюшмалари томонидан таъсис этилган стипендиялар ва республикамизнинг энг яхши санаторийларига бепул йўлланмалар билан рағбатлантирилди. Бир гуруҳ ёш мутахассислар “Фахрий ёрлиқлар” ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Бундай тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий онгини юксалтиришда, уларни мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишга ундашда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, касаба уюшмалари фаолияти ёшлар ва жамоатчилик орасида ишончни мустаҳкамлайди ва ижтимоий адолат тамойилларини амалиётда ривожлантиришга хизмат қилади.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда университетда фаолият юритаётган ёш мутахассислар ва фаол талабалар иштирок этди.