Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2022 йил 5 сентябрдаги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши ижроия қўмитасининг 2022 йил 16 сентябрдаги қарорларига асосан жорий йилнинг 26 сентябридан 31 октябригача Миллий мониторинг ўтказилди.
– Тадбир давомида Оролбўйининг барча туманлари пахта далаларида теримчилар билан яқиндан суҳбат олиб борилиб, кўнгилли теримчиларга, олис ҳудуддан келган ҳашарчиларга яратилган шарт-шароит, иссиқ овқат, ичимлик суви билан таъминланиш даражаси, теримчиларга иш ҳақилари вақтида тарқатилиши билан яқиндан танишилди, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси Бекполат Утепбергенов. – Жумладан, Нукус туманига ташриф давомида «Қырантаў» овул фуқаролар йиғинидаги «Медет» фермер хўжалиги пахта даласида теримчилар Онгарбай Каримбетов, Рано Таджимова, Дамехан Қалимбетова билан суҳбат ўтказилди. Фермер даласида 60 нафар теримчи иштирок этмоқда. Терим пуллари вақтида берилаётгани ҳамда теримчиларга барча шароитлар яратилгани қайд этилди.
Шунингдек, «Қутанкул» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Жайхун» фермер хўжалиги, «Дарсан» овул фуқаролар йиғинидаги «Дарсан агрокластер» масъулияти чекланган жамияти, «Бақаншақли» овул фуқаролар йиғинидаги «Самам Нукус» фермер хўжалиги далаларидаги ишлар ўрганилди. Мониторинг пайтида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат аниқланмади.
Суҳбатларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда ижтимоий меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш йўналишларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг 29, 105, 138, 182-сонли конвенцияларининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: