Наврўз умумхалқ байрами Нукус шаҳрида кенг нишонланди

Наврўз байрами – инсонийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва меҳнатсеварлик каби қадриятларни ўз ичига олган қадимий умумхалқ байрамларидан бири ҳисобланади.

Жорий йил 21 март күни Нукус шаҳри «Ёшлар маркази» ҳамда «Дўстлик» канали бўйида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган бош ғояси остида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантана ва халқ сайили ташкил этилиб, унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари, бирлашган қўмита ходимлари ва касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди.

Байрамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан миллийлигимиз тимсоли бўлган ўтов ўрнатилиб, байрамга мос безатилди, атирофида ёши улуғ ва ёшлар билан тўла бўлиши байрам кайфиятини пайдо этди. Кенг дастурхонда баҳор неъматлари, миллий таомлар, ҳар ҳил буюмлар кўргазмаси йиғилганларга ҳавола этилди.

Наврўз – бу умрбоқий маънавий қадриятларни, халқ анъаналарини ва инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган байрамдир. У нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиёда, Кавказ ва бошқа мамлакатларда кенг нишонланади. Наврўз байрами аҳамиятини йўқотмай, келажак авлодга ҳам илмий асосларга ва маданий меросга бой байрам сифатида етказиш — халқнинг масъулияти ҳисобланади.