Ёшлар ва меҳнаткашлар – касаба уюшма эътиборида

2026 йил 11 ноябрь куни «11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» муносабати билан «Янги Ўзбекистон — Янги касаба уюшмалари» шиори остида Нукус илғор касбий маҳорат техникумида меҳнаткашлар ва ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раислари билан ҳам учрашув ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлинмаси раиси Г. Палваниязова, Нукус илғор касбий маҳорат техникуми ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари О. Тилеуов ҳамда касаба уюшмаси раиси А.Жусуповалар иштирок этиб, барчани байрам билан самимий табрикладилар.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 ноябрдаги «Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги 648-сонли Қонунига мувофиқ, 11 ноябрь «Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» сифатида расман нишонланиши ҳақида сўз юритилиб, байрам билан барча ходимлар қизғин қутланди. Шу билан бирга, бугунги кунда Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда яратиб берилаётган шарт-шароитларга тўхталиб ўтилди. Тадбир давомида касаба уюшмалари фаолияти ҳамда соҳага оид амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек, техникумда самарали меҳнат қилиб келаётган бир қатор касаба уюшмаси фаоллари байрам муносабати билан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.