Эътибор ва эъзозга муносиб касаба уюшмаси фаоллари

Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари» шиори остида Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг бош юристи Л. Нишанова ҳамда мазкур касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши бўлинмаси раиси Г. Палўаниязова иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан самимий муборакбод этди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 ноябрдаги «Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш ҳақида»ги 648-сонли Қонунига мувофиқ, 11 ноябрь санаси мамлакатимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида расман белгилангани таъкидланди.

Шунингдек, юртимизда меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳага қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилди.

Мулоқот давомида касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолияти, ходимлар манфаатларини таъминлаш борасидаги вазифалар, шунингдек, тармоқ корхона ва ташкилотларида ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар муҳокама қилинди. Бунда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг ўрни ва масъулияти алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда самарали меҳнат қилиб, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаоллар байрам муносабати билан фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундай учрашувлар касаба уюшмалари фаолиятини янада жонлантириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва меҳнат аҳли манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилади.