Тинчлик учун курашганлар ёдда

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Нукус шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактабида авғон уруши қатнашчилари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлими томонидан маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрини англатиш, шунингдек, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилган инсонларга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Учрашув давомида иштирокчилар мактабда ташкил этилган Иккинчи жаҳон уруши тарихи билан боғлиқ музейни томоша қилди. Музейда уруш йилларига оид тарихий ашёлар, фотосуратлар ва ҳужжатлар намойиш этилди. Бу эса ўқувчиларда тарихга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилди.

Тадбирда авғон уруши қатнашчилари ўз ҳаёт йўли, хизмат давридаги хотиралари ҳамда тинчликнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Ўқувчилар эса меҳмонларга ўзларининг шеърлари, саҳна кўринишлари ва мусиқий чиқишларини тақдим этди.