Ҳар қандай жамиятнинг эртанги тараққиёти ўқитувчи ва муаллимнинг бугун қилаётган меҳнатига боғлиқ. Ватанимизнинг эртанги куни, ёш авлодни тарбиялаш борасидаги устоз – муаллим фаолияти сабр – бардош ва матонат намунаси, десак асло хато бўлмайди. Чунки мактабга илк бор қадам қўйган гўдакка биринчи ҳарфларни ўргатишдан тортиб уни эл-юрт корига ярайдиган етук инсон, ўз касбининг устаси бўлган малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш осон иш эмас. Бунга кунлар, ойлар, йиллар давомидаги фидокорона меҳнат туфайлигина эриши мумкин.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан ташкил этилган “Устозлар касаба уюшмаси эъзозида!” мавзусидаги тақдирлаш тадбири ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларининг мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим муассасаларидан педагог-ўқитувчилар ва тарбиячилар ҳамда туман касаба уюшмаси бўлинмаси кенгашлари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, фаоллар, узоқ йиллар тизимда фаолият юритган устозлар, ходимлар, таълим фидойилари ва масъуллари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов очиб берди ва юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларда таълимнинг ўрни ва аҳамияти, соҳа ходимларига берилаётган имкониятлар тўғрисида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди ҳамда иштирокчиларни 1 октябрь– “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами билан табриклади.
Шунингдек, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Масъул ташкилотчиси Рустам Абдурахмонов байрам муносабати билан тадбир иштирокчиларини табриклади.
Шундан сўнг, Республикадаги илғор ўқитувчилар ва мактабгача таълим тарбиячилари, мураббийлар ва техник ходимларнинг 40 нафари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир давомида бир қатор Устоз ва мураббийлар уларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром ҳамда илиқ муносабатдан жуда миннатдор эканликлари, бундай кўтаринки кайфият уларни яна ҳам шижоат билан ишлашга ундаши, ёш авлодга таълим беришда қўшимча куч-қувват бағишлашини эътироф этиб ўтдилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: