Нукус шаҳридаги Республика қон қуйиш марказида “15-февраль саратон касаллигига чалинган болалар куни” муносабати билан «Мен донорман» акцияси бўлиб ўтди.
Инсоннинг ҳаётини асраб қолиш кўпинча қон қуйиш жараёни билан боғлиқ. Қон эса кимё лабораторияларида ишлаб чиқилмайди, у инсон организмидаги бебаҳо неъмат. Фақат яхши инсонларнинг ёрдами билангина оғир аҳволдаги беморларни ҳаётга қайтариш, уларнинг умрига умр қўшиш мумкин.
Кейинги йилларда бундай савоб амални бажараётган инсонларнинг сони тобора ортаётгани қувонарли. Қолаверса, донорликнинг афзалликлари бўйича турли акция, тарғибот тадбирларининг ҳам кўпайгани эзгу ишга бош қўшаётганлар сони ошишига туртки бўлмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан ташкил этилган акцияда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, ҳарбий хизматчилар, талаба-ёшлар, давлат хизматчилари, кўнгилли ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари донор сифатида иштирок этди.
Мазкур тадбир республиканинг бошқада туманлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилди.
Хайрия тадбирида гепатитга чалинмаган, “Д” рўйхатда турмайдиган соғлом фуқароларнинг донор сифатида иштирок этишлари таъминланди.
Соғлом киши учун қон топшириш мутлақо хавфсиз. Сабаби, инсон организмида одатда 4,5-5 литр қон бўлади ва ундан 200 ёки 400 мл олинади. Организмда эса камайган қон миқдорини 36 соат ичида тўлиқ тиклаб олиш хусусияти мавжуд. Энг муҳими, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш, моддалар алмашинувини яхшилаш ва иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти катта.
Инсоннинг инсонга қон топширишдек олий даражадаги ҳадяси бўлмаса керак. Бу орқали кимгадир ҳаёт бағишлаш – энг савоб ишлардан бири саналади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: