Халқимизда «Устоз отангдек улуғ» деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Улар бутун умрини, билими ва қалб қўрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган фидойи инсонлардир.
1-октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан, шунингдек, «Кексаларга ҳурмат – ёшларга ибрат» деган шиорни ўзида мужассам этган «Кексалар ҳафталиги» тадбири доирасида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан эзгу ташаббус амалга оширилди.
Касаба уюшмаси вакиллари таълим муассасаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, ўз касбининг моҳир усталари сифатида минглаб шогирдларга устозлик қилган ва бугунги кунда кексайиб бораётган бир гуруҳ меҳнат фахрийларининг хонадонларида бўлди.
Тадбир давомида ўттиздан ортиқ устозларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам табриги ва эсдалик совғалари топширилди. чин юракдан мулоқотлар чоғида фахрий ўқитувчилар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, ўтмишдаги ёрқин хотиралари билан ўртоқлашди. Уларнинг юзларидаги миннатдорлик ва қувонч ҳисси тадбир ташкилотчиларига ҳам ўзгача илиқлик бағишлади.
Бундай эҳтиром тадбирлари таълим соҳасининг «олтин фонди» бўлган фахрийларни эъзозлаш, уларнинг маслаҳатлари ва дуоларини олиш ҳамда ёш авлодни кексаларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Касаба уюшмасининг бу саъй-ҳаракатлари устозларга бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: