«Уч авлод учрашуви» ўтказилди

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан 1 октябр –“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан жорий йилнинг 28-29 сентябр кунлари шаҳардаги 19-, 24- ва 27-сонли  умумий ўрта таълим мактабларида “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирга умумий ўрта таълим мактабларида узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда нафақада ўтирган кекса меҳнат фахрийлари, ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган ўрта авлод вакиллар ва ёш мутахассислар таклиф этилди.

Ушбу учрашувнинг асосий мақсади, кўп йиллик меҳнат йўли ва ҳаётий тажрибага эга нуронийлар ўзларининг ҳаёт сабоқларини, қийинчиликларни қандай енгиб ўтганлигини ва меҳнатнинг қадрини ёш авлодга етказиш, кексаларга ҳурмат, инсонга иззат каби халқимизнинг азалий анъаналарини ва миллий тарбияни ёшлар қалбига сингдиришдан иборат. Шунингдек, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг натижалари, эришилаётган ютуқлари ва келгўсида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз борди.

Тадбирда сўз олган меҳмонлар меҳнат майдонида орттирган билим ва кўникмалари, ўз соҳасига бўлган садоқати орқали ёш авлод учун намуна бўла олишларини алоҳида қайд этдилар.

“Уч авлод учрашуви” да бой ҳаётий тажрибалар алмашилди, фикр-мулоҳазалар тингланди. Ёш касаба уюшма аъзоларининг ғоялари ва ташаббуслари ўта муҳим роль ўйнаши таъкидлаб ўтилди.

Бу каби учрашувлар касаба уюшмалари фаолиятидаги давомийлик ва тажриба алмашувининг ёрқин намоёни бўлиб, ёшлар қалбида меҳнатга, устозларга бўлган ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлайди.