Касаба уюшмалари томонидан «Очиқ эшиклар куни» ва «Сайёр қабул» тадбири ўтказилди

Бугунги кунда касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ортиб бормоқда. Улар меҳнаткаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли таъминлаш, меҳнат жамоаси аъзоларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатмоқда.

Айнан шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг мурожаатларини тинглаб, жойида бартараф этиш, Федерацияга келиб тушаётган мурожаатларнинг қайта-қайта такрорланишининг олдини олиш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмаларида олиб борилаётган ислоҳотлар билан тадбир иштирокчиларини хабардор қилиш мақсадида жорий йилнинг 5 февраль куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети мажлислар залида «Очиқ эшиклар куни» ва «Сайёр қабул» тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари, Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Киргизалиев, Меҳнат инспекциясининг мурожаатлар билан ишлаш сектори бошлиғи Рзаева Гузаля Тургунбаевна, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тармоқ республика кенгаши, бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раислари, масъул ташкилотчилар, шаҳар ва туман кенгашлари ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари, янги сайланган касаба уюшмаси фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда 2025 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари фаоллари ва нуронийлари билан учрашгани, учрашув давомида давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари билан самимий суҳбатлашгани, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглагани, шунингдек, бу мулоқот қорақалпоғистонликлар учун чинакам қувончга айлангани, чунки Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка қишлоғида «Бўзатов» санаторийси фойдаланишга топширилгани таъкидланди.

Қолаверса, мазкур учрашувда Президентимиз касаба уюшмалари фаолиятига юксак баҳо бериш билан бирга, келгусида бажариладиган вазифалар амалий мисоллар ёрдамида аниқ кўрсатиб берилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, республикамиз ҳудудларида ўтказилаётган «Очиқ эшиклар куни» ва «Сайёр қабул» тадбирлари барча учун манфаатли бўлаётгани айтиб ўтилди.

Шундан сўнг тадбир давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан сўнгги беш йил давомида олиб борилган фаолияти ва эришилган натижалари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, тадбирда янги сайланган касаба уюшмаси қўмитаси раисларига ўз фаолиятини устав талаблари асосида олиб бориши, жамоа шартномалари ва келишувларини қабул қилишда меҳнат қонунчилигида белгиланганидан ташқари қўшимча кафолатлар ва имтиёзларни назарда тутиши, шунингдек, касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ходимларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш эканлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларида юзага келаётган муаммоли масалалар бўйича саволларига жавоблар олди.