Таълим соҳаси ходимлари спортда беллашди

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва Бош Қомусимизнинг 33 йиллиги муносабати билан жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи оммавий спорт тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Нукус шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан жорий йилнинг 5 ва 6-декабрь кунлари Нукус шаҳридаги 32-сонли умумий ўрта таълим мактабининг спорт базасида спортнинг Шахмат, Шашка, Стол тенниси, Дартс турларидан спорт мусобақаси ташкил этилди.

Ушбу мусобақада шаҳар бўлинмаси таркибидаги таълим ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимлар ўзаро куч синашдилар.

Қизғин баҳс ва ўзаро муросасиз курашлар остида ўтган беллашувлар ходимларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириб, уларнинг ғалабага бўлган иштиёқи ва жамоавий руҳини мустаҳкамлади. Барча иштирокчилар ўзининг ғалабаси учун масъулият билан, аҳил ва уюшқоқликда ҳаракат қилдилар.

Мусобақа якунида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тайёрланган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ушбу тадбир нафақат байрам совғаси, балки ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.