Оғир атлетика бўйича Қорақалпоғистон чемпионати ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида ПҚ-127 сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг Қорақалпоғистон бўлими билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасида иқтидорли спортчиларни Ўзбекистон миллий терма жамоасига етказиб бериш мақсадида спорт мусобақаларини биргаликда ўтказиб келмоқдалар.

2022 йил 10-11 май кунлари Тахиатош тумани педагогика коллежи базасида спортнинг оғир атлетика бўйича 2006-2012 йиллар туғилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спортчилари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси чемпионатлари ўтказилди. Мусобақаларда Беруний, Амударё, Қораўзак, Кегейли, Тахиатош, Бўзатов, Тахтакўпир туманлари ва Нукус шаҳридан 160 та ортиқ ўсмир ўғил ва қиз спортчилар иштирок этишди. Шулардан 30 ортиғи қизлар.

Мусобақа якунида ғолиблар ва 2 чи, 3 чи ўринларни олган совриндор бўлган спортчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Мусобақа ғолиблари 25-28 май кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган 2006-2012 йиллар туғилган ўсмир болалар ва қизлар ўртасида болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спортчилари ўртасида Ўзбекистон Республикаси чемпионатида қатнашиш учун йўлланма олди.