Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У. Жалменовнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан «Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари» шиори остида ташкил этилган учрашувда 100 нафар ёш ходим ва талаба иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг орзу-интилишлари, ташаббуслари ва келажакка бўлган режалари тингланди. Ёшларнинг меҳнат фаолияти, касбий ривожланиши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувнинг энг қувончли лаҳзаларида ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнат ҳамда таълимдаги интилишларини рағбатлантириш мақсадида касаба уюшмаси стипендияси ва бепул санаторий йўлланмаси сертификати топширилди.
Жумладан, Нукус давлат педагогика институтининг 4-босқич талабаси Қызылбаева Кумисай Сапарбай қызы касаба уюшмаси стипендиясига сазовор бўлди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Мадреймов Мунирбекка эса касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан бепул санаторий йўлланмаси сертификати топширилди.
Шунингдек, ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги билан жамоада ҳурмат қозонган бир гуруҳ ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур эътирофлар ёшлар учун нафақат моддий рағбат, балки уларнинг меҳнати, интилиши ва келажакка бўлган ишончига билдирилган юксак эътибор ифодаси бўлди.
Учрашув ёшлар ва касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги ғоя ва ташаббусларга кенг йўл очиш ҳамда ёш авлодни муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя руҳида қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам бўлди.







Spelling error report
The following text will be sent to our editors: