Маданият ва спорт соҳаси ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари диққат марказида

Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси томонидан бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари ва фаоллари ҳамда иш берувчилар вакиллари иштирокида «Маданият, спорт ва туризм соҳасида ижтимоий шериклик: ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда ҳамкорлик» мавзусида ўқув-семинари ташкил қилинди.

Семинарда Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси Арипов Жамшид, Республика Кенгашининг бош юрисконсульти Гайназаров Орифжон иштирок этди.

Семинарнинг асосий мақсади — янгиланган Меҳнат кодекси доирасида соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда меҳнат муҳофазасини кучайтиришдан иборатдир.

Семинарда таъкидланганидек, маданият, спорт ва туризм муассасалари ходимларининг меҳнат шароитлари ўзига хос хусусиятларга эга. Айниқса, иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунларидаги меҳнатга тўғри ҳақ тўлаш, ички меҳнат тартибини қонуний асосда ташкил этиш ҳамда иш жойларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши бугунги куннинг энг долзарб масалаларидир.

Тадбир давомида иштирокчилар иш берувчилар ва касаба уюшмалари раисларининг тизимли мулоқоти меҳнат низоларининг олдини олиш ҳамда муассасаларда соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантиришнинг асосий омили эканлиги эътироф этилди.

«Касаба уюшмалари ва иш берувчилар бир-бирига рақиб эмас, балки умумий мақсад йўлида ҳаракат қилувчи шериклардир. Ходим учун хавфсиз, қулай ва муносиб иш ҳақи тўланадиган иш жойи яратилсагина, маданият ёки спорт ташкилотида иш самарадорлиги ва ютуқлар юқори бўлади. Бизнинг асосий вазифамиз — мана шу мувозанатни қонун устуворлиги асосида ушлаб туришдир», — дея таъкидлади касаба уюшмаси Республика Кенгаши бош мутахассиси Ж.Арипов.

Семинарда ҳуқуқий ва амалий масалалар юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар ўтказилди. Хусусан, янги ходимларни синов муддати даврида рағбатлантириш, интизомий жазоларни муддатидан олдин олиб ташлаш тартиби ва Моддий рағбатлантириш жамғармаси (ФМС) маблағларини адолатли тақсимлаш бўйича мутахассислар томонидан аниқ ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.