Ғолиблар муносиб тағдирланди

2026 йил 6-май куни Нукус шаҳри 1-сонли спорт мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида таълим муассасалари ходимлари ўртасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” спорт мусобақаларнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йиль 28-январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 67-мақсадида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, таълим муассасалари ходимларини спорт тадбирларига кенг жалб қилиш, улар ўртасида мусобақалар ташкил қилиш, ходимларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш, ўқитувчиларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан тасдиқланган қўшма қарор асосида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида Касаба уюшма кубоги спорт мусобақаларнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Спорт мусобақалари Нукус шаҳри 1- ва 2-сонли спорт мактабида, Қорақалпоқ давлат университети, ТАТУ Нукус филиали ҳамда Ёшлар марказида  ташкил этилди.

Мусобақада, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменов, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибаев, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Қ.Исмайлов ҳамда Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Р.Абдурахманов, тегишли ташкилот вакиллари иштирок этди. Мусобақада ўтган босқичларда ғолиб бўлган 17 жамоадан 544 ўқитувчи ва мураббийлар спортнинг мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ўзаро куч синашди. Мазкур мусобақанинг қуйи босқичларида 19 минг 366 нафардан ортиқ таълим муассасаларининг ходимлари иштироки таъминланди.

Кун давомида спорт мусобақалари қизғин давом этиб тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб жамоалар аниқланди.

Жамоавий ҳисобда ғолиб бўлган Кегайли туман жамоасига “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” ҳамда 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

Шунингдек, ғолиб жамоага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясиниң Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан диплом ва совғалар топширилди.