Ёшлар келажаги — муносиб меҳнатдан бошланади!

Қорақалпоғистон Республикасида битирувчи талаба-ёшларнинг меҳнат ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш механизмлари билан таништириш ҳамда касаба уюшмаларининг ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида олий таълим муассасаларида тарғибот учрашувлари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур учрашувлар “Ёшлар келажаги — муносиб меҳнатдан бошланади!” шиори остида ташкил этилиб, Қорақалпоғистондаги олий таълим муассасалари битирувчи талабаларини қамраб олади.

Ушбу учрашув 2026 йил 1-май санасида, Нукус шаҳридаги, Самарқанд давлат ветеринария, тиббиёт, фармацевтика ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ташкил этилди.

Тадбир доирасида ёшлар билан:

  • меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий кафолатлар;
  • биринчи иш жойидаги ҳуқуқ ва имкониятлар;
  • норасмий бандликнинг рисклари;
  • ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш механизмлари;
  • касаба уюшмаларининг ҳимоя ва манфаатдорлик вазифалари;
  • муносиб меҳнат тамойиллари ва бандлик масалалари юзасидан очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Мазкур ташаббус ёшларнинг меҳнат бозорига муваффақиятли кириб бориши, ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаши ва муносиб меҳнат тамойиллари асосида фаолият бошлашига, шунингдек ёшлар ва касаба уюшмалари ўртасида самарали мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.