Самарали меҳнат фаолияти мукофотсиз қолмади

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарлигидаги Республика комиссияси ва унинг таркибидаги Ишчи гуруҳлар мамлакатимиз ҳудудларида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдалар.

Шу йилнинг 27 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси томонидан ўтказилаётган танловларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бевосита шундай оилаларга моддий ва беғараз ёрдамлар кўрсатиб келаётган, шунингдек “Aёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминалашга кўмаклашаётган тадбиркор хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида “Касаба уюшмалари лауреати” танлови, мамлакатимизда гендер сиёсати ҳамда, ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларнинг ролини оширишга қаратилган ишларни намунали ташкил этган корхоналарнинг аёл раҳбарларини рағбатлантириш ва иш берувчи фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида “Энг намунали аёл иш берувчи”, маҳалласи обод ва тинч бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раислари ўртасида “Энг яхши маҳалла раиси” ҳамда муаммоларни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ваколатли муассаса ва ташкилотлар ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Энг яхши сектор раҳбари” танловлари йўлга қўйилди.

Танловларнинг шаҳар ва туман босқичлари шу йилнинг июнь ойида ўтказилиб, “Касаба уюшмалари лауреати” танлови йўналишида 40 нафар, “Энг намунали аёл иш берувчи” танлови йўналишида 54 нафар, “Энг яхши маҳалла раиси” танловида 364 нафар ва “Энг яхши сектор раҳбари” танловида 58 нафар иштирокчи қатнашди.

Шунингдек, республикамизнинг ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида ишлаётган 422 «Аёллар маслаҳат кенгашлари» орасидан «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг фарзанд тарбиясида ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маслаҳатлар бериш, «одобли қиз», «иффатли келин» ва «маърифатли аёл» ғояларини кенг тарғиб этишда самарали фаолият юритаётган ва намунали бўлган Элликқалъа тумани “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғини “Аёллар маслаҳат кенгаши” ва Хўжайли тумани “Жонқўнғирот” маҳалла фуқаролар йиғини “Аёллар маслаҳат кенгаш”лари ҳар бири 50 млн. сўм пул мукофотлари билан тақдирланди.

«Энг яхши маҳалла раиси» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Чимбой тумани “Пашент тау” ОФЙ раиси Азизбек Айтымбетов иккинчи, Қўнғирот тумани “Қунғирот” МФЙ раиси Марияш Уразалиева учинчи ўринни эгаллади.

“Касаба уюшмалари лауреати” танловида Беруний туманидан якка тартибдаги тадбиркор Роза Джуманазарова иккинчи, Қораўзак туманидан тадбиркор Замира Утепбергенова учинчи ўринни эгаллади.

«Энг намунали аёл иш берувчи» танловида Қўнғирот тумани “Устюрт гиламлари” ИЧК раҳбари Гулжайсан Сагинбаева иккинчи, Шуманай тумани “SHOMANAY SHAMENAY” МЧЖ раҳбари Шахрибану Юсупбаева учинчи бўлди.

Ушбу танловларнинг 2 ўринни эгаллаган ҳар бир иштирокчига 5 млн.сўм, 3 ўрин эгаллаганларга 3 млн.сўм пул мукофотлари топширилди.

«Энг яхши сектор рахбари» танловида 2 ўринни эгаллаган Шуманай тумани 3-сектор раҳбари Полат Искендеров 10 млн. сўм, 2 ўрин ғолиби Бўзатов тумани 4-сектор раҳбари Жанибек Казбеков эса 5 млн. сўм пул мукофотлари билан тақдирланди.

Танловларнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида «Энг яхши маҳалла раиси» деб топилган Нукус шаҳри “Сарбиназ” МФЙ раиси Аминов Мадияр Шамшетович, “Касаба уюшмалари лауреати” ғолиби Кегейли туманидан “Рус-Ислам-Султан” оилавий корхонаси раҳбари Раметова Айжамал Толыбаевна, «Энг намунали аёл иш берувчи» – Амударё туманидан “Тамара текстиль” МЧЖ раҳбари Юсупова Тамара Раҳимбоевна ва «Энг яхши сектор рахбари» ҳисобланган Қораўзак тумани ҳокими Утамбетов Узақберген Тлеумбетович республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма олдилар.

Тантанали ўтказилган тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси Улыкбек Жалменовлар сўзга чиқиб, ғолибларни эришган ютуқлари билан самимий қутлади. Келгуси фаолиятларида ҳам масъулиятни тўлиқ ҳис этган ҳолда янада улкан муваффақиятларга эришишларини тилаб, бундай танловларнинг ўтказилиши муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигида барчага бирдек ишчанлик ва кўтаринкилик кайфиятини улашишини ҳамда кўзланган мақсадларга етишишга туртки бўлишини таъкидладилар.