Таасрутларга бой бўлган Ёз!

Ёзги мавсум якунланиши муносабати билан «Оқ кема» оромгоҳида ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда дам олувчи болалар ва болаларнинг ёзги таътиллари қизиқарли ва фойдали ўтишини таъминлаган 11 та оромгоҳнинг барча ходимлари ҳам тақдирланди.

Байрамона тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси, сенатор Улуғбек Жалменов, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Қорақалпоғистон бошқармаси бошлиғи Сатбай Отеўлиев, туман ҳокими Бахтиёр Менглибеков ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йилик байрами ва мавсумнинг чиройли якуни билан табриклади.

Тадбирда турли оромгоҳлардан раҳбарлар, йўриқчилар, етакчилар, тарбиячилар, мутасадди вазирлик, бошқарма масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Мавсум давомида барча оромгоҳлар ўзларининг юксак меҳнатлари ва фидокорона хизматлари орқали ёш авлоднинг таътилларини ёрқин, сермазмун ва хотиржам ўтказишга ҳисса қўшдилар.

Оромгоҳлар болаларнинг нафақат дам олишлари, балки ўз иқтидорларини намоён қилишлари, янги билимлар олишлари ва янги дўстлар орттиришлари учун ажойиб имконият яратди. Мазкур мавсум давомида болаларга қизиқарли маҳорат дарслари, спорт мусобақалари ва маданий тадбирлар таклиф этилди. Барча меҳнатсевар ходимлар фарзандларимизнинг ёзги дам олишларини ёрқин ва хотирали қилиш учун астойдил меҳнат қилдилар.

Тадбир давомида 11 та оромгоҳларнинг барча ходимлари фидокорона меҳнат кўрстгани учун рағбатлантирилди. Ҳар бир ходим ўзининг меҳнати, масъулияти ва фаоллиги учун совғалар ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланди. Ушбу тақдирлаш маросими ёзги мавсумда эришилган ютуқларни эътироф этиш ва келгуси фаолият учун илҳом бериш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар барча ходимларни ушбу мавсумни муваффақиятли якунлаганлари учун табриклади ва уларнинг келажакда ҳам болалар билан ишлашда муваффақиятлар тилади.