Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги ва атроф-муҳит ифлосланиши каби муаммолар шунчаки назарий муҳокама эмас, балки ҳар бир инсоннинг кундалик турмуши, саломатлиги ва келажагига бевосита таъсир кўрсатаётган ўта долзарб масаладир. Шу боис, ходимларнинг хавфсиз ва тоза атроф-муҳитда меҳнат қилишини таъминлаш ҳамда жамоаларда экологик маданиятни шакллантириш замонавий касаба уюшмаларининг устувор вазифаларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли баённомаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Экологик фаол касаба уюшмаси жамоаси” Республика кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи айнан шу хайрли мақсадларга хизмат қилди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси Улуғбек Жалменов, касаба уюшма қўмиталари раислари ҳамда соҳа фаоллари иштирок этди. Танлов якунига кўра, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Қорақалпоқ сув таъминоти” АЖ ҳамда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти жамоалари 1-ўрнини эгалладилар. 2-ўринга Тўрткўл туманидаги 29-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Қонликўл тумани тиббиёт бирлашмаси муносиб кўрилган бўлса, 3-ўрин Нукус шаҳридаги 40-сонли мактабгача таълим ташкилоти жамоасига насиб этди. Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бу каби танловлар нафақат меҳнат жамоалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиради, балки ходимларнинг экологик масъулиятини ошириб, табиатни асраб-авайлашдек эзгу ғоя атрофида жипслашишига хизмат қилади.







Spelling error report
The following text will be sent to our editors: