Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашида “Ишонч кунлари” доирасида дўстона ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда “Ishonch.uz” сайти координатори, тажрибали журналист А.Абдураҳмонов ва “Ишонч” газетаси координатори Д.Худайберганова иштирок этди.
Тадбирни Кенгашнинг раис ўринбосари М.Данияров олиб борди. Учрашув чоғида “Ишонч” газетаси саҳифаларида ёритилаётган долзарб мавзулар, меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаоллик ва халққа яқин услуб ҳақида фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ишонч” нашри ўзининг халқчиллиги, мавзулар хилма-хиллиги билан муштарийлар меҳрини қозонмоқда. Шунингдек, рус тилида чоп этиладиган “Доверие” газетаси ҳам ўз аудиториясига эга бўлиб, турли соҳаларни қамраб олган мақолалари билан қизиқиш уйғотмоқда. “Ватан” журналида эса миллий қадриятлар, тарих ва бугунги кунни ёритувчи материаллар алоҳида ўрин тутади.
– Қорақалпоқ халқи самимийлиги ва қадимий қадриятларга садоқати мени ҳайратда қолдирди, – дейди Дилором Худайберганова.
Учрашув иштирокчилари ҳам ўз фикрларини билдириб, “Ишонч” газетасининг ижтимоий таъсири ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. Улардан бири, А.Аллияров шундай дейди:
– Ишдан ортиб “Ишонч” газетасини мутолаа қиламан. Айниқса, “Ишонч телефони” ва “Касаба уюшмаси аралашгач…” рукнларидаги мақолалар орқали халқ дарди, мурожаатларга ечимлар берилмоқда. Бу эса газетанинг касаба уюшмалари билан уйғунликда иш олиб бораётганини кўрсатади.
Дўстона муҳитда ўтган ижодий учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, фикр-мулоҳазалар билдирилди ва келгусида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: